O’zbek
г. Ташкент,
Узбекистан

Ахборот муҳитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси қандай таъминланади?

30 июня, 15:17

Жорий йилнинг 29 июнь куни Тошкент шаҳрида «Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ экспертлар форуми» бўлиб ўтди. Форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) 2020 йилда бўлиб ўтган саммитида илгари сурилган эди. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад МДҲ маконида халқаро ахборот хавфсизлигининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, ахборот маконида турли хил таҳдидларга қарши биргаликда курашиш бўйича экспертларнинг тавсияларини ишлаб чиқиш ва бошқалардан иборат.

Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва ҳаётимизнинг турли соҳаларига кириб келиши, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тараққий топишига туртки бўлмоқда. Бутун дунёда рўй бераётган Глобал пандемия шароитида айнан ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш иқтисодиётимизни барқарор ишлаб туришига имконият берди.

Бироқ, янги технологияларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши билан бир қаторда давлат ва инсонларнинг хавфсизлигига нисбатан таҳдидлар ҳам пайдо бўлади.

Сўнгги йилларда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар (кибержиноятлар) шиддат билан ўсиб бормоқда. Компьютер тизимига ноқонуний равишда кириш ва компьютер маълумотларини ўғирлаш, ахборот технологиялари ёрдамида фирибгарлик қилиш ҳамда ҳужжатларни сохталаштириш, шахсга доир маълумотлар ва муаллифлик ҳуқуқига қарши жиноятлар, ирқчилик, ксенофобия, шунингдек болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотларни тарқатиш ва бошқа шунга ўхшаш қонунбузарликларни ўз ичига олувчи кибержиноятлар бугунги кунда инсонларни ташвишга солувчи долзарб муаммога айланиб улгурди.

Охирги пайтларда фуқароларимизнинг шахсга доир маълумотларини ўғирлаш, банк ҳисоб рақамларига ҳужумлар қилиш, фуқароларни ишончига кириб уларнинг пластик карталаридан ноқонуний равишда пул маблағларини ечиб олиш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини бузиб кириш сингари ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Қолаверса, ахборот маконида, хусусан ижтимоий тармоқларда инсонларни мавжуд конституциявий тузумга қарши бош кўтаришга ундаш, ирқчилик, шафқатсизлик ва диний экстримизмни тарғиб қилиш, порнографиянинг турли кўринишларини тарқатиш каби инсонларнинг онгига салбий таъсир этувчи ноқонуний хатти-ҳаракатлар учраб турибди.

Шундай шароитда давлат учун ахборот муҳитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш, шунинг билан бир қаторда инсонларни ишончли ахборот олиш каби ҳуқуқларини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш, инсон ва фуқароларнинг ахборот маконида ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг самарали усули бу тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунчилик базасини шакллантиришдир.

Бугунги кунда кибержиноятларга қарши курашиш, шунингдек инсонлар ва фуқароларимизнинг ахборий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича миллий қонунчилигимизда ўндан ошиқ қонунлар ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинган. «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олишда интизомий, маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чораларини қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасидаги турли хил жиноятлар учун Жиноят кодексида алоҳида боб ажратилган бўлиб, кибержиноятчиликка қарши қатъий жазо чоралари белгиланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, кибермакон ҳамда кибержиноятчиликнинг вирусли табиати ва унинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши миллий қонунчилик чегарасидан чиқишга ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳасида давлатлараро ҳамкорликда фаолият юритишни тақозо этади.

Шубҳасиз, «Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ экспертлар форуми»ни ўтказиш ташаббуси рақамли иқтисодиётга ўтиш учун ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, кибержиноятчиликка қарши давлатлараро ҳамкорликни ўрнатишга ёрдам беради. Шунинг билан бирга, мазкур Форумнинг ўтказилиши соҳа мутахассисларига ахборот маконида инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, рақамли ривожланиш йўналишида аниқ ва ноаниқ бўлган ўзгаришларни муҳокама қилиш, трансмиллий ахборот йўналишида биргаликда фаолият юритишда ўзаро ишончни оширишга қаратилган янги услуб ва механизмларни жорий этишга имкон беради.

Бундан ташқари ушбу Форумда мустақил Интернет, муҳим инфратузилмалар, шахсга доир маълумотларни идентификациялаш ва ҳимоя қилишни тартибга солишнинг ҳуқуқий масалаларни ва бошқа соҳага оид мавзулар муҳокама қилинди ҳамда «Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ экспертлар форумининг якуний ҳужжати» қабул қилинди.

Илҳом Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва
ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси.

Источник